Саламат Авезов

| |

Хасталик — бахтсизлик эмас!

Инсонга тортиқ қилинган тана аъзоларидан ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Агар улардан биронтасида ноқислик пайдо бўлса, дунё кўзимизга қоронғи кўринади.

Тўрт мучаси соғ, ўзи мустақил равишда истаганча ҳаракатлана оладиган, дилидан ўтган сўзларни тилига равон чиқаришга қодир инсонларни кўрганимда уларга доим ҳавас қиламан. Бундай пайтларда бир савол хаёлимга келади: «Шу инсонлар ўзларининг қанчалик бахтли эканини ҳис қила олишармикан?»

Саломатлик борасида имконияти чекланган инсонларнинг орзулар оғушига қанчалик кўмилиб яшашини кўпчилик тасаввур қила олмаса керак. Бундай кишилар ўзини тез ўнглаб олиши, қийинчиликларни енгиб ўтиш учун матонатли бўлиши осон эмас, албатта. Шундай пайтларда касаллик аламидан кўра руҳий эзилиш одамни кўпроқ толиқтиради. Атрофдагиларнинг маҳзун нигоҳи ва ачинган қиёфасини кўриб туришдан ҳам оғирроқ азоб бўлмаса керак.

«Болалар церебрал фалажи» деган касаллик борлигини, балки кўпчилик эшитмагандир. Мен бу хасталик аламини яхши биламан. Қанчалик қийин бўлмасин, бундай қисматга бош эгиб яшаш учун курашиш кераклигини англашимга кўп фурсат керак бўлди. Меҳрибон ота-онам ҳамда яқинларимнинг далдаси менга ҳар доим куч бағишлаб турди. Бошқалар билан солиштирганда менинг имкониятларим доираси бироз чекланган. Лекин шунда ҳам кўп нарсалардан бебаҳра қолмасликка, курашиб ва интилиб яшашга ҳамиша ҳаракат қиламан. Ўтган йиллар давомида бир нарсани англадим: касаллик — бахтсизлик эмас, ироданинг синови, холос.

Бир куни «Ҳар қанча ҳаракат қилсам ҳам танамнинг аҳволини ўзгартира олмайман, аммо онгим, қалбим, тафаккуримни бошқариш, руҳиятимни ҳамиша жўшқин ва кўтаринки ҳолатда тутишим мумкин-ку», деб ўйлаб қолдим. Бу фикрдан ўзим ҳам жуда хурсанд бўлдим. Ўша кунданоқ китоб мутолаасига киришдим. Ўқишга кириш учун тайёргарлик кўра бошладим. Меҳнатларим беиз кетмади. ТАТУ Нукус филиалининг талабасига айландим. Информатикага бўлган қизиқишим бу соҳани яхши ўрганишимга пойдевор бўлди. Ўқишни битиргач, мустақил тарзда интернет тармоқлари учун сайтлар яратишга киришдим. Бугунги кунда бир нечта ана шундай сайтларнинг муаллифиман.

Оилада ота-онам, яқинларим мени ўзларидан ҳам кўпроқ аяшади, парвариш қилишади. Мен улардан жуда миннатдорман. Фақатгина бир нарса — ота-онам олдида фарзандлик бурчимни тўла бажара олмаётганим, уларнинг хизматида бўлолмаётганим, улар қалбидаги мен билан боғлиқ орзу-ҳавасларини амалга оширолмаётганимдан ўкинаман...

Аслида, ҳаётга бўлган соғлом ёндашув, умид ва ишонч саломатликдан ҳам кўра муҳимроқ экан. Ўқиб-ўрганишга, бошқаларга қўлдан келганича яхшилик қилишга, қалбни ҳамиша соғлом, соф ва самимий сақлашга интилиш асосий мақсадимга айланди. Жисмонан соғлом бўлмасам-да, ҳеч кимдан кам эмаслигимни, маънан ҳеч кимдан ортда қолмаслигим зарурлигини ҳис қилиб яшайман.

Адибимиз Асқад Мухторнинг бир шеърида: «Қандай яхши, ҳамма учун яшаш!» деган мисра бор. Шу биргина мисра жуда катта теран маънога эга. Ҳаёт бизни ҳар бир неъматдан баҳра олиб яшашга, тириклик учун курашишдан ҳеч тўхтамасликка ундайди.

Саламат АВЕЗОВ,
Нукус шаҳри

№ 8 (94) 2014-йил 20-февраль
«Оила даврасида» Ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий газетасидан

Ўзбекча | Русский | Қарақалпақша

Қидириш

Хизмат кўрсатиш

Асосий саҳифа

Рукн

Меҳр қўлларимизни чўзайлик

Ўз ҳуқуқингизни биласими?

Маълумотнома

Қорақалпоғистон Республикасидаги алоҳида эҳтиёжли кишилар учун фаолият юритаётган муассаса ва ташкилотлар

Ҳамкоримиз





Б
л
и
ц
-
М
а
ъ
л
у
м
о
т

Тўлиқ исм-шарифим: Авезов Саламат Юлдашевич.
Туғилган санам: 1983 йил 27 июль.
Туғилган жойим: Нукус шаҳри.
Маълумотим: ТАТУ Нукус филиали «Ахборот Технологиялари» факультети.
Мутахассислигим: Информатика ва ахборот технологиялари, Веб-дизайнер.
Буржим: Арслон.
Мучалим: Тўнғиз.
Бавтафсил...

Go to Top