Сана: 23.08.2019 | Муаллиф: Саламат Авезов | Рукн: Ногиронлар ҳуқуқлари
Ногиронлик қандай аниқланади?
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 37-моддасига мувофиқ, тиббий-меҳнат экспертизаси фуқаролар ногиронлигининг сабаби ва гуруҳини, уларнинг меҳнат лаёқатини йўқотганлик даражасини, улар соғлиғини тиклашнинг турлари, ҳажми ва муддатини ҳамда ижтимоий ҳимоялаш чора-тадбирларини белгилайди, тегишли хулосалар беради. Ушбу хулосалар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурияти учун мажбурийдир.
Ногироннинг таълим олиш ва касб эгаллашдаги ҳуқуқлари
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ:
— Ногирон болаларнинг мактабгача таълими мактабгача таълим муассасаларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, шу жумладан интернат-уйларда амалга оширилади.
— Ногиронларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими барча таълим муассасаларида, зарур бўлган ҳолларда эса ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади.
— Ногиронларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларида, шу жумладан ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, шунингдек ногиронлар жамоат бирлашмаларининг корхоналарида таъминланади.
Ногиронларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларининг кафолатлари
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ:
— Ногирон меҳнат шароитлари одатдагича бўлган ташкилотларда, ногиронлар меҳнатидан фойдаланиладиган ихтисослаштирилган корхоналарда ишлашга, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.
— Ногиронларнинг эҳтиёжларини ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этилади. Кўзи ожиз ногиронлар шароитлари ўз имкониятларига мос келадиган ишлаб чиқаришда иштирок этишда имтиёзли ҳуқуққа эга.
— Ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сони захирада сақланади.
— Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар уйда ишловчи, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ногиронларга мазкур фаолият учун яшашга мўлжалланмаган жойлар берилишида, хом ашё олиши ва маҳсулот сотишида зарур ёрдам кўрсатади.
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ, ногиронлар учун банд қилиб қўйиладиган иш жойлари:
— ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга;
— ногиронлар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган бўлиши зарур.
Ногиронлар саломатлигининг муҳофазаси
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 22-моддасига мувофиқ:
— Ногиронлар, шу жумладан ногирон болалар ва болаликдан ногиронлар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия мосламалари, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиш, шунингдек касб-кор эгаллаш ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқига эга.
— Ногиронлар давлат соғлиқни сақлаш тизими ва меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ногиронлар ва сурункали руҳий хасталикларга чалинган ногиронлар эса ижтимоий таъминот муассасаларида яшаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Қонуни 28-моддасига мувофиқ, ногирон болалар давлат соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш ҳуқуқига эга.
Ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланиш кафолатлари
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 26-моддасига мувофиқ, ногиронларга қуйидаги турлардаги ижтимоий ёрдам кўрсатилади:
— пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар);
— техника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш;
— тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш ва маиший хизматлар кўрсатиш;
— транспорт хизматлари кўрсатиш;
— дори воситалари билан таъминлаш.
Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс, кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахслар шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 февралдаги 532-сонли “Даволаш-профилактика муассасаларини маблағ билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, болаликдан ногиронлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.
Манба: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекиистон Республикаси Миллий Маркази
“Disability Rights” – Ногирон ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг
© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.
Тўлиқ исм-шарифим: Авезов Саламат Юлдашевич.
Туғилган санам: 1983 йил 27 июль.
Туғилган жойим: Нукус шаҳри.
Маълумотим: ТАТУ Нукус филиали «Ахборот Технологиялари» факультети.
Мутахассислигим: Информатика ва ахборот технологиялари, Веб-дизайнер.
Буржим: Арслон.
Мучалим: Тўнғиз.
Бавтафсил...