Саламат Авезов

| |

«Қоқилсам ҳам йўлимда давом этдим»

Сана: 12.10.2018  |  Муаллиф: Холида Шодиева  |  Манба: Бекажон газета № 82 (1817) 12.10.2018  |  Ўқилди: 2936Шарҳ 0

Дунёда омади чопган инсонлар кўп. Ҳар ким ўз имконият ва иқтидорига қараб муваффақият пиллапоясидан юқорилоб бораверадм. Лекин шундай инсонлар борки, имконияти чекланганига қаратасдан, ҳаёт синовлари ва машаққатларига тик боқиб, мақсадлари томон олға силжийдилар ва унга эришадилар. Мана шундай қаҳрамонлар сирасига эса қорақалпоғистонлик ҳамюртимиз, болалар церебрал фалажлиги хасталиги билан оғриган бўлса-да, илм олиб, жамият учун керакли мутахассис бўлиб етишган, программачи Саламат Авезовни киритмасдан иложимиз йўқ.

- Саламат ака, хасталик билан кечган болалигингиз қандай ўтган, ўрта мактабда қандай ўқигансиз?

- Тақдир чархпалаги пир-пир айланар экан, кимларгадир соғлик, илм, бойлик, мансаб, обрў ҳадя этар, кимларгадир буларнинг акси бўларкан.

Болалик чоғларимда ҳаётимни онам қўлимга тутқазган эртак китобларидаги қаҳрамонга қиёслаб ўтказдим. Аслида мен китоблар оламида ва унинг сеҳрли дунёсида улғайдим, десам асло хато бўлмайди.

Болалик даврим асосан уйда ўтган, ҳамма нарсага қизиқишим атрофимдагилар ҳайрат билан тикилишимдан нимагадир интилаётганимни ҳис қилишарди. Бир ёшимда ҳамма қатори атак-чечак қилиш насиб этмаган, бир қадам ҳам юра олмаганман. Барчага аёнки, мен каби болалар ва қизларнинг тилларида ҳам нуқсони бўлади.

1987 йили дадам мени Москвадаги таянч ҳаракат қилиш тизими бузилган ногирон болаларни соғломлаштириш марказига олиб бордилар. У ерда тенгдошларим билан даволандим. Ҳаёт мўъжизаларга бойлиги ва турфа хиллиги билан ажралиб тураркан. Аллоҳнинг берган шифоси билан раҳматли бувим, онам ва оиламнинг бағрига ўз оёқларим билан келдим. Ҳаётимдаги унутилмас кунимнинг бири эди ўша кунлар... Ота-онамнинг мен учун чеккан ғамларини ҳам унутмайман.

Ўқишга бўлган муҳаббатим шунчалик кучли эдики, мактабдан келишим билан ёзув столига ўтириб, онажоним «кел, аввал дамингни ол», десалар ҳам аввал дарсларимни бажармай кўнглим жойига тушмас эди.

Тилимда нуқсоним бўлгани туфайли уй вазифаларини кўпинча ёзма шаклда топширар эдим. Менга таълим берган ўқитувчиларимдан чексиз миннатдорман. Уларнинг қалбида менга нисбатан меҳр ўзгача эди. Мен ўқиган даврларда ногиронлиги бўлган шахсларни оддий мактабларга қабул қилиб ўқитиш камдан-кам учрарди.

- Бошқаларга нисбатан имкониятингиз бироз чекланган, лекин шунда ҳам харакатдан тўхтамайсиз, сизни нима илҳомлантиради?

-  Тўғрисини айтсам, ҳар тарафлама соғлом ва эркин гапира оладиган инсонларга жуда ҳавасим келади.

Сабаби, менинг қўл ва оёкларим ўзимга ноқулайлик туғдиради. Биринчи бор учрашган инсонлар ҳам менга жилмайиб кулиб туришади. Шундай вақтларда имкониятим ўзгаларга нисбатан бироз чекланганлигини ич-ичимдан ҳис қиламан. Лекин мен ортга қадам ташламадим, ҳаётда кўп қоқилсам ҳам йўлимда давом этдим.

Ҳар қайси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижодида, қалб қўри билан яратган ишларида маҳорат билан ифода эта олган нафис санъати кўриниб туради. Ҳаётда мен сен билан марду майдонга чиқаман, деган метин иродали ва матонатли, ақли, маънавий заковати юксалган, ўзининг ижтимоий ҳолатига қарамасдан ҳаракат қилиб, олдинга интиладиган ногирон инсонлардан илҳом оламан.

- Тўрт мучаси соғ бўлатуриб, ҳеч бир фойдали иш билан шуғулланмайдиган тенгдошларингизга, ёшларга нималар дея оласиз?

- Соғлом инсонларни кўрсам, қалбимдаги сўзларни осонгига тилига чиқараётганларини кўриб, ҳавасим келади. Агар дард бўлмаганида эди, мен ҳам улар қаторидан жой эгаллаган бўлардим, балки ўзгаларнинг кўмагисиў мустақил ҳаракатланишга, ўз фикримни билдиришга, бошқалар билан дилдан суҳбатлашишга эришган бўлар эдим.

Шунга қарамай, баъзи тенгдошларимдан фарқли равишда, «манаман» деган соғлом одам ҳам уддасидан чиқа олмаган ишларни мен каби ногирон ҳам уддалаяпти. Тўрт мучасида нуқсони бўла туриб ҳаёт деган кенг майдонига тушиш, барча ғам-ғуссани унутиб, бир лаҳза орзулар оғушига кўмилган умр гулшанидан баҳра олиш, руҳан соғлом инсонга айланиш қанчалик мушкуллигини барча ҳис этавермайди. Тенгдошларимга соғлигингизни қадрига етинг, имкониятингиз кўп, уларни қўллай билинг, деган бўлардим. Менинг ҳар доим ҳаётда аниқ мақсадим бўлган. Мақсадим тақдир шамчироғимга айланиб қолди. Сизнинг ҳам мана шу шамчироғингиз ўчиб қолмаслиги учун ҳам тинимсиз ҳаракатда бўлинг!

-  Муваффақиятларингизда ота-онангизнинг, оилангизнинг ўрни қандай бўлган?

-  Муваффақиятни таъминлайдиган асосий воситалардан бири - ота-онанинг кўксидаги илоҳий меҳрдир. Қолаверса, чинакам муваффақиятга эришиш ва зафарлар қуршовида бўлишнинг замирида тинимсиз меҳнат ва ҳаракатлар ётади.

Фарзандининг бугунги кунга қадар эришган муваффақиятлари замирида ота-онанинг ҳам ҳиссаси катта. Менинг эртанги истиқболим учун ҳам улар нақадар муҳим ва мен учун паноҳдирлар.

Ота-онанинг, айниқса, ногиронлиги бўлган фарзанди билан кўп вақтини бирга ўтказиши, ўзаро мулоқотлари, улар ўргатган билим, меҳр туйғусининг шунча мустаҳкамланишига олиб келади. Маълумки, мен каби ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга мослашуви анча мушкул бўлади. Шу сабаб доимо дадам билан самимий мулоқотлар уюштирамиз.

-  Бошида сизга ишонмаганлар ҳам бўлганми, уларга қандай жавоб қилгансиз?

- Ўзига нисбатан ишончи йўқ инсоннинг ўзгаларга ҳам ишончи бўлмайди.

Қўлида икки диплом бўла туриб одамийлик фазилатидан йироқ бўлса, у соғлом инсонми ёки ногирон инсонми, ўзгаларнинг айтаётган сўзларини англай олмаса, унда не наф?

Равон гапира олмаслик бу моҳир қўллари бойланган рассомга ўхшайди.

- Сабр, ирода борасида ҳатто бошқаларга ўрнак бўладиган инсонсиз, шундай хислатларни ўзида мужассам қилиш учун инсонга қанча вақт керак, нималар зарур?

- Аслида бизга берилган ҳаёт имтиҳон дунёсидир, уни матонат, метин сабр-ирода билан босиб ўтилса, нариги томонда бизни бахтли кунлар нур сочиб қарши олади, бунга фақат ишонч ва умид керак.

Жисмоний имконияти чекланган инсонлар сабрни ўзига самимий дўст деб биладилар, иродани курашиш майдони, матонатни эса умидсизликка тушмаслик сифатида кўрадилар. Яхши кунлар олдинда бўлишига ишонч уларни курашишдан қайтмасликка ундайди.

Аллоҳга минг карра шукурлар бўлсинки, сабр ва иродани ўзимда мужассам қилиб, сабрлилик ила бахт бекатидаман.

-  Ўзбекистонда ягона бўлган, юртимиздаги ногиронлиги бор шахсларга фойдали ҳисобланган веб-сайт хам яратгансиз, бундай  хайрли ишни амалга оширишда сизга кимлар кўмакчи бўлди?

- Менинг шахсий веб-сай-тим www.MEHRTILSIMI.uz Ижтимоий янгиликлар сайти «SA.KR.UZ» ташаббуслигида яратилди. Сайтимнинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар жамият миқёсида, ҳар қайсисининг тенг ҳуқуқли аъзолари, алоҳида шахс деб ҳисоблаб, уларни давлат ташкилотлари, ҳокимлик, муассасалар, жамоатчилик ва ҳудудий ташкилотлар билан боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Қолаверса, уни юргизишда ва одамлар билан мулоқот қилишимда менинг энг яқин кўмакчим - дадам. Дадам менинг овозим, кўлим ва бутун борлиғимдир.

Сайтимиз ижтимоий янгиликлар сайти ҳисобланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлар жамияти шаҳар-туман бўлимларининг фаолияти ҳақида маълумот бериб боради, бундан ташқари, ижтимоий янгиликлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга доир давлат томонидан яратилган кенг имкониятлар ҳақида таништиради. Ногиронлиги бўлган шахсларни бирдамликка чорлаш, бир-бирларини интернет орқали таниб, электрон тарзда ижодий фаолияти билан танишиш имконини беради.

Ҳозирги вақтда сайтда Қорақалпоғистон Республикаси ва бутун Ўзбекистон бўйича имконияти чекланган, аммо қалби шижоатга тўла, кўлида ҳунари бор инсонлар ҳақида мақолалар мавжуд. Авваллари, меҳр-мурувват десак, фақат меҳрибонлик уйлари, қариялар уйларини, улардан хабар олишни тушунардик. Тўғри, улар меҳрга муҳтож, доим уларнинг ҳолидан хабар олинади. Бундай ташкилотлар ҳам анчани ташкил қилади. Аммо чекка ҳудудлардаги ногирон, имконияти чекланган инсонлар ҳақида ким биларди? Ким уларни олиб чиқарди? Ҳеч ким!

«Mehrtilsimi.uz» сайти  аҳалонинг мана шу қатлами билан изни боғлаб турувчи восита бўлиб хизмат қилади.

- Келажакда яна қандай мақсадларни олдингизга кўйгансиз?

- Бу дунёда ёруғлик учқунини излаб юрган бир инсонман, ҳаёт неъматининг барчасини умид аталмиш занжир билан боғлашга интилиб, йўлларда қоқилиб юрган инсонман. Айнан умид қилганим учун яшаяпман ва интилаяпман.

Ногиронлар ҳуқуқи бўйича фойдаланувчилар сайтимиз орқали маълумотлар олиб, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан муражаат қилишади. Қани эди имкониятим бўлганида барчаларига жавоб беролсам эди, деб ўйлаб қоламан. Қани эди келажакда ногиронлиги ҳуқуқи бўйича ягона интерактив сайт ва мобиль иловасини яратсам. Тўғри, ногиронлиги ҳуқуқи бўйича маълумотлар кўп, лекин ҳар бири ҳар хил сайтларда. Шуларнинг ҳаммасини йиғиб, бир база қилсак, болалар ва ёшлар, улар-инг ота-оналари учун ҳам қулайликлар яратилади. Чунки аксарият имконияти чекланган ёшлар ўз ҳуқуқларини билишмайди.

Холида Шодиева суҳбатлашди.

Манба: Оилавий газета «Бекажон» № 82 (1817) 12.10.2018

Ўзбекча | Русский | Қарақалпақша

Қидириш

Хизмат кўрсатиш

Асосий саҳифа

Рукн

Меҳр қўлларимизни чўзайлик

Ўз ҳуқуқингизни биласими?

Маълумотнома

Қорақалпоғистон Республикасидаги алоҳида эҳтиёжли кишилар учун фаолият юритаётган муассаса ва ташкилотлар

Ҳамкоримиз





Б
л
и
ц
-
М
а
ъ
л
у
м
о
т

Тўлиқ исм-шарифим: Авезов Саламат Юлдашевич.
Туғилган санам: 1983 йил 27 июль.
Туғилган жойим: Нукус шаҳри.
Маълумотим: ТАТУ Нукус филиали «Ахборот Технологиялари» факультети.
Мутахассислигим: Информатика ва ахборот технологиялари, Веб-дизайнер.
Буржим: Арслон.
Мучалим: Тўнғиз.
Бавтафсил...

Go to Top