Саламат Авезов

| |

Хасталик бахтсизлик эмас, ироданинг синови

Сана: 14.04.2019  |  Муаллиф: Kar24  |  Манба: Kar24.uz  |  Ўқилди: 1499Шарҳ 0

«Kundalik»dan ko’chirmalar
Кундалик – бу кўнгил кўзгуси. У уйу хаёлингиздан тортиб, туйғуларингизни ҳам кўрсатишга қодир. Унга қараб, ўзингизни таҳлил этасиз, тартибга соласиз, муайян қарорлар қабул қиласиз. Ана шундай, кундалик Саламатнинг қалб дафтари, борингки энг яқин дўсти, сирдошига айланган. У ҳеч кимга айтолмаган дил сўзларини, ҳаёт ва хаёл билан кураш онларини унга муҳрлаган. Саҳифамизда қаҳрамонимиз Саламат Авезовнинг кундалигини сиз билан бирга варағлаймиз.

Хасталик – бахтсизлик эмас

Яширмайман, тўрт мучаси соғ инсонларга ҳавас қиламан. Хаёлимда доим бир савол чарх уради: «Улар ўзларининг қанчалар бахтли эканини ҳис қилармикан?»

Имконияти чекланган инсонларнинг орзулар оғушида яшашини яхши биламан. Бундай кишилар қийинчиликларга эгилмай матонатли бўлишга тиришадилар. Руҳий азобларини қалб ва тафаккур ила енгишга ҳаракат қилади. Биз учун атрофдагиларнинг маҳзун нигоҳи, ачинган қиёфасини кўришдан ҳам оғирроқ дард, алам бўлмаса керак?

Шифокорлар менга «болалар церебрал фалажи» деган ташҳизни қўйганида, ҳаёт батамом тугаб, рангизланганди. Ўшанда умримга баҳор қайтиб келмайди, дея уввос уриб йиғлаганим рост. Меҳрибон ота-онам ва яқинларимнинг далдаси, руҳимни тетиклаштирган орзулар баҳорни қалбимга бошлаб келди. Табиатимда ажиб уйғониш даври бошланди. Китоблар билан дўст тутиндим. Улар менга касаллик бахтсизлик эмас, аксинча ироданинг синови эканини англатди. Мутоаладан озиқланиб, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалига ўқишга топширдим…

Технологияни тафаккур бошқаради

Баданга қўл текса, сезги ҳужайралари бу ҳақда мияга белги беради ва бунга бирор ишора ёки овоз билан жавоб қайтади. Компьютер ҳам шундай инсон танасига ўхшайди. Унга сичқончанинг белгиси текса, ҳаракатга келади. Шу нуқтаи назардан қарасак, компьютер табиатдаги мавжуд мўжизага уйғун мўжизадир.

Кичкиналигимда уйда телевизоримиз бўларди. Эскириб кетган матоқ тез-тез бузилар, сериал кўргувчи онамнинг бундан фиғони палакка чиқарди. Волийдам хафа бўлмасин, дея телевизорни амаллаб тузатардим…. Технологияларни бошқариш, созлашга бўлган қизиқишнинг илк куртаклари шу онларда очилган бўлса ажаб эмас?!

Ҳар куни эгнимда кастюм, қўлимда сумка ўқишга бораман. Замонавий, кўркам бинода таҳсил олаётганимдан севинаман. Гарчи имкониятим чекланган бўлса ҳам, дўстларимнинг интилиши, шижоати менга илҳом бағишлайди. Уларга қўшилиб, келажакка дадил қадам ташлайман. Бувимнинг айтишича, бу дадиллик менга отамдан ўтган.

Аслида, ҳаётга соғлом ёндашув, умид ва ишонч саломатликдан ҳам кўра муҳимроқ экан. Ўқиб-ўрганишга, бошқаларга қўлдан келганича яхшилик қилишга, қалбни ҳамиша соғлом, соф ва самимий сақлашга интилиш асосий мақсадимга айланаётир. Жисмонан соғлом бўлмасам-да, ҳеч кимдан кам эмаслигимни, маънан ҳеч кимдан ортда қолмаслигим зарурлигини қалбан ҳис этаман.

Волийдам орзуси

Оилада етти киши бўлиб яшаймиз: дадам, ойим, икки нафар сииглим, эркатойим – укам ва шириндан шакар жияним. Ота-онам оддий, беғубор сийратли инсонлар. Сизда ҳам шундайми, билмайман. Негадир улар ҳақида ўйласам ҳаяжонланаман, муқаддас номларини қалб қўри билан қоғозга ёзаман.

Яқинда онамнинг қўшни аёл билан гурунгини эшитиб қолдим.

Энг катта орзуим ўғлим Саламатжоннинг она деган лутфини ўз оғизларидан эшитиш, – деди волийдам.

Ҳеч кимга кўрсатмай, ғамга чўкдим. Ва ўзимни қийнаб, она, онажон дея айтишга уриниб кўрдим. Аммо овозим ичимдан отилиб чиқмади. Афсус…

Ота-онам ўқитувчиларимдир. Ҳаётни, яшамоқликни ўргатган, аслида шу кишилар бўлади. “Ўғлим, жуъратли бўл! Ҳаёт оёғингга тикан бўлиб кирса, оғришига қарамай юлиб ол! Гар у йўлларингда гул бўлиб сочилса, қаддингни эгилиб тер! Ҳечам эринма!” деган ўгитларини унутмайман. Улардан миннатдорман.

«Ёшлик – бебошлик эмас»

Интернетда бир бола билан танишдим. Исми Азамат. Футболга қизиқар экан. У билан чемпионатлар ҳақида ёзишиб турардик. Бир куни унга Азиз Несиннинг “Уй” ҳикоясини ўқишни тавсия этдим.

Китоб ўқисам, бошим оғрийди, – деб ёзди у. – Шу ўқиб, одам бўламан, деб ўйлайсанда сен? Ёшликда ўйнаб-кулиб қолиш керак, дўстим!..

Эрта бир кун унга умр баҳоринг қандай ўтди, дея савол беришса, қандай жавоб бераркан? Шу ҳақда ўйладим. Ёшлик бебошлик эмас, у билим, изланиш, шижоат мавсуми эмасми?! Баҳорда мириқиб ўқиб, ҳаракат қилишнинг гашти ўзгача бўлади. Афсус, буни қўшнимиз Бабур тушунмайди-да, дайдиб кўчада юргани-юрган. Синфдошим Алишер эса эрталабдан то кечгача интернетдан бўшамайди. Уларга олтиндек қиммат вақт, бахт ҳақида тўлиб-тошиб билганларимни гапиргим келади, тушунмайдими, деб қўрқаман- да…

«Қоронғуликда нур, ёруғликда қуёш»

Дунёни муҳаббат қутқаради. Бу жумлани қаердадир ўқигандим. Ҳақ гап. Инсон муҳаббати ҳар нарсага қодир: у қоронғиликда нур, ёруғликда қуёш бўлади ва инсон ҳаётини чарағон этади. Юрагимда илоҳий муҳаббат бор. У мени бахтли инсонга айлантираётир…

«Dreamwever» дастурида сайтлар яратишни ўргандим. Қорақалпоқнинг қўш чинори, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қайпбергеновнинг веб саҳифаларини яратдим. Сайтга ижодкорларнинг энг сара асарлари, расмларини жойладим. У кишилар ҳақида битилган публицистик асарларни ҳам юкладим. Мана бугун ўзимнинг www.sa.kr.uz сайтимни ишга туширмоқчиман. Унда мақола, таржималаримни жойлаштириш ниятим бор… 

Айни пайтда яратган учта сайтим ишлаб турибди.

Яхши инсонларнинг борлиги яхши

Унинг бир оғиз ширин сўзи дардга даво, ярага малҳам. Ундан касалликлар ҳайиқади. Ҳузурига борсам, ўзимни соғлам сезаман. Назаримда, бурро бурро гапираётган ёки шаҳдам қадам босиб юраётгандек бўламан. Нега? Менимча, у шандай дардни униттирадиган инсон бўлиб туғилгану, унинг бир оғиз сўзидан бемор тузалиб кетади. Ҳозирда Саламат Бегалиев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Нукус филиалида бош шифокор бўлиб ишлаяпти.

Саламат оғанинг қиёфасида яхши инсонлар гавдаланади. Улар – устозларим, дўстларим ва ота-онам… Бу кишилар оёқларимнинг жонлантирувчиси, дилмдаги гапларни тилимга чиқарувчи овозларим, суянчим, маслакдошимдир. Отам    , онам   уйларига насибам сочилганига беҳад шукр. Тақдиримга уларни битганидан бахтиёрман.

Орзу қушим учмоқда

Орзуларим ҳаётимга ранг-баранг расмлар чизади. Бу расмларга қараб, жамиятда менинг ҳам ўрним борлигини, бахтли яшашга ҳақли эканимни ҳис этаман.

Орзуларим Қоратоғдан баланд, мақсадларим физика формулаларидан ҳам аниқ. Келажакда эл корига ярайдиган веб дастурчи бўлишни хоҳлайман. Меҳрибон ота, садоқатли турмуш ўртоғ бўлиш орзуидаман. Интернетда инглиз тилини ўргатувчи “Масофавий таълим” тизимини жорий этмоқчиман. Бу каби орзуларимга эришишимда билим, ҳаракат, ишонч қанот бўлади.  

Адибимиз Асқад Мухтор бир шеърида: «Қандай яхши, ҳамма учун яшаш!» дея ёзади. Ҳаёт бизни ҳар бир неъматдан баҳра олиб яшашга, тириклик учун курашдан тўхтамасликка ундайверади. Шундай экан, бахтли бўлиш учун бахтли яшамоқ керак!..

Бугун 5 март, 2019 йил, ҳафтанинг пайшанба куни.

… Веб сайтимнинг «Таржима» бўлимига инглизчага ўгирган қорақалпоқ халқ эртакларини жойладим. «Қалб қуёши» номли мақоламни киритдим. Бундан ташқари, «Форум» бўлимида дўстларим билан «Биз сайловга тайёрмиз!» мавзуида давра суҳбатини ташкил этдим. Хуллас, бугуним мазмунли ўтиб, эртанги кунга жой бўшатмоқда. Эртаним бугунимдан ҳам сермазмун, қизиқарли бўлишига ишонаман. Режалаштирган ишларим кўп…  

Биз Саламатнинг кундалигини варағлаб, «ҳамма бахтли бўлишга ҳақли», деган хулосага келдик. Бу бахт ғойибдан келмайди, уни инсоннинг ўзи яратади…

МАЪЛУМОТНАМО

Саламат Авезов 1983 йил Тошкент шаҳрида туғилган.

2012 – йил Тошкент ахборот технологиялар университети Нукус филиали ахборот технологиялари факультетини муваффақиятли тугатган. У 2011 йилда «Ўзбекистон Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлиги» стипендияси соҳиби бўлиш бахтига эришди. 2009 йилда «ICTP EXPRO-2009» ахборот технологиялари миллий кўргазмасида биринчи ўринни эгаллади. 2013 йилда Саламат «Internet Access and Training Program» ёзги мактабида диплом билан тақдирланди. Айни пайтда у мустақил веб дастурчи.

“Kar24” муҳарриридан

Манба: Kar24.uz – Биз ёзишдан олдин ўйлаймиз

Ўзбекча | Русский | Қарақалпақша

Қидириш

Хизмат кўрсатиш

Асосий саҳифа

Рукн

Меҳр қўлларимизни чўзайлик

Ўз ҳуқуқингизни биласими?

Маълумотнома

Қорақалпоғистон Республикасидаги алоҳида эҳтиёжли кишилар учун фаолият юритаётган муассаса ва ташкилотлар

Ҳамкоримиз





Б
л
и
ц
-
М
а
ъ
л
у
м
о
т

Тўлиқ исм-шарифим: Авезов Саламат Юлдашевич.
Туғилган санам: 1983 йил 27 июль.
Туғилган жойим: Нукус шаҳри.
Маълумотим: ТАТУ Нукус филиали «Ахборот Технологиялари» факультети.
Мутахассислигим: Информатика ва ахборот технологиялари, Веб-дизайнер.
Буржим: Арслон.
Мучалим: Тўнғиз.
Бавтафсил...

Go to Top